1 1 Иброҳим ўғли, Довуд ўғли Исо Масиҳнинг насабномаси. 2 Иброҳимдан Исҳоқ туғилди. Исҳоқдан Ёқуб туғилди. Ёқубдан Яҳудо ва унинг ака-укалари туғилдилар. 3 Яҳудо ва Тамарадан Парас ҳамда Зараҳ туғилдилар. Парасдан Ҳасрўн туғилди. Ҳасрўндан Арам туғилди. 4 Арамдан Амминадаб туғилди. Амминадабдан Наҳшўн туғилди. Наҳшўндан Салмўн туғилди. 5 Салмўн ва Раҳобадан Бўаз туғилди. Бўаз ва Руфдан Обид туғилди. Обиддан Ишай туғилди. 6 Ишайдан подшоҳ Довуд туғилди. Подшоҳ Довуд ва Уриёнинг собиқ хотинидан Сулаймон туғилди. 7 Сулаймондан Раҳабаъм туғилди. Раҳабаъмдан Абиё туғилди. Абиёдан Осо туғилди. 8 Осодан Йўшафат туғилди. Йўшафатдан Йўрам туғилди. Йўрамдан Уззиё туғилди. 9 Уззиёдан Йўтам туғилди. Йўтамдан Аҳаз туғилди. Аҳаздан Ҳизқиё туғилди. 10 Ҳизқиёдан Манаше туғилди. Манашедан Амўн туғилди. Амўндан Йўшиё туғилди. 11 Йўшиёдан Йўаким туғилди. Йўакимдан Бобилга сургун бўлиш даврида Якўниё билан ака-укалари туғилдилар. 12 Бобилдаги сургунлик давридан кейин Якўниёдан Шаълтиэл туғилди. Шаълтиэлдан Зарубобил туғилди. 13 Зарубобилдан Абиҳуд туғилди. Абиҳуддан Элёқим туғилди. Элёқимдан Азўр туғилди. 14 Азўрдан Садўқ туғилди. Садўқдан Ахим туғилди. Ахимдан Элиҳуд туғилди. 15 Элиҳуддан Илъазар туғилди. Илъазардан Маттан туғилди. Маттандан Ёқуб туғилди. 16 Ёқубдан Марямнинг эри Юсуф туғилди. Марямдан эса Масиҳ деб аталган Исо туғилди. 17 Шундай қилиб, Иброҳимдан Довудгача ҳаммаси бўлиб ўн тўрт насл, Довуддан Бобил сургунлигигача ўн тўрт насл ва Бобил сургунлигидан Масиҳ келишигача ўн тўрт наслдир. 18 Исо Масиҳнинг туғилиши шундай содир бўлди: Унинг онаси Марям Юсуфга унаштириб қўйилган эди. Уларнинг никоҳидан олдин Марям Муқаддас Руҳдан ҳомиладор экани маълум бўлди. 19 Унинг эри Юсуф эса солиҳ одам бўлиб, Марямни шарманда қилишни истамай, яширинча қўйиб юбориш ниятида бўлди. 20 Буни ўйлаб кўрганидаёқ, Худованднинг бир фариштаси тушида унга кўриниб: «Эй Довуд ўғли Юсуф! – деди, – Сен Марямни ўзингга хотинликка олишдан қўрқма; чунки унинг вужудидаги ҳомила Муқаддас Руҳдан пайдо бўлган. 21 У ўғил туғади ва Унинг исмини Исо қўясан, чунки У Ўз халқини гуноҳларидан қутқаради. 22 Буларнинг бари эса Худованднинг пайғамбар орқали айтгани бажо келиши учун рўй берди. Пайғамбар: 23 „Қиз ҳомилали бўлғай ва ўғил туққай, Унинг исмини эса Иммануил қўюрлар“, – деб каромат қилган эди. Иммануил – „Худо биз билан“ демакдир». 24 Юсуф уйғонгач, Худованднинг фариштаси унга буюрганидек қилди ва Марямни хотинликка олди. 25 Лекин у туғмагунча унга яқинлашмади. Ниҳоят, Марям ўзининг тўнғич ўғлини туғди ва Унинг исмини Исо қўйди.
Prev
Play
Next
Volume
Speed
0.7511.251.52